Спорт | 15:04 / 24.02.2016
3347
2 дақиқада ўқилади

Беларуслик пианиночи Тони Крооснинг ҳаёти ҳақида концерт дастури ёзди

Беларуслик пианиночи ва бастакор Юрий Блинов Германия терма жамоаси ва Испаниянинг «Реал» клуби футболчиси Тони Кроос ҳақида концерт дастури ёзди.

Concerto-Krooso деб номланган дастур беш қисмдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири 2014 йилги жаҳон чемпионининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

«Мен эски ва эҳтиросли мухлислардан бириман. Сўнгги жаҳон чемпионатида албатта немисларга мухлислик қилдим. Тони эса бу мусобақада Германия терма жамоасининг ғалаба қозонишида муҳим рол ўйнади. Бу эса менинг ижод қилишимга туртки берди», – дея таъкидлади Блинов.

Ўз навбатида футболчи ҳам Facebook‘даги саҳифасида мазкур воқеага муносабатини билдирди.

«Бу мен учун ўзига хос аҳамиятга эга. Беларуслик мусиқачи Доктор Блинов мени шарафимга Concerto-Krooso мусиқий дастурини ёзибди. Концерт «Футболчи ҳаётининг беш унсури» деб номланган ва фортепиано, зарбли ва ҳуштакли асбобларда ижрога мўлжалланган. Мен бунинг учун катта миннатдорчилик ва бу мен учун шараф эканини билдираман», – деб ёзади Кроос.