Ўзбекистон Исроилнинг тўғри овқатланиш борасидаги тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон олимлари тўғри овқатланиш борасидаги исроиллик ҳамкасбларининг тажрибасини татбиқ қилишни режалаштирмоқдалар, деб маълум қилди Исроилнинг Тошкентдаги элчихонаси манбаси.
Жумладан, бу борада Ўзбекистон учун нўхат каби ўзбек пазандачилигида таниш ва оммалашган маҳсулотлардан фойдаланишнинг Исроил тажрибаси фойдали бўлиши мумкин.
Тошкент тиббиёт академияси таклифи билан Ўзбекистонга келган исроиллик олимлар Рам Рейфен ва Зохар Керем ўзининг ўзбекистонлик ҳамкасбларига нўхатдан фойдаланишнинг янги жиҳатларини намойиш қилдилар. Уларнинг фикрича, нўхат нафақат тўйимлиги, балки яхши таъм сифатлари билан ҳам ажралиб туради ҳамда жуда кам аллергикликка эга, бу эса унинг болалар озуқасини ишлаб чиқаришда ажойиб асос қилади.
Ўзбекистон бундай ҳамкорликнинг натижасини Тошкент тиббиёт академиясида нутрициология – овқатланиш илми ҳақидаги факультетнинг очилишида кўрмоқда. Бундан ташқари, бу масалани тезроқ илгари суриш учун Исроил университетлари билан алоқаларни йўлга қўйиш билан тажрибани ўрганиш имконияти тадқиқ қилинмоқда.
Рационал овқатланиш муаммолари бўйича исроиллик мутахассислар ўз сафарларида, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети, GIZ, FAO, USAID каби халқаро ва хорижий тузилмалар вакиллари билан учрашишди ва уларни Исроилда май ойи охирида бўлиб ўтадиган нутригеномика/нутригенетика бўйича 10-халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилишди.
Бу конференция болалар диетологияси ва болалар озуқаси, гастроэнтерология, эндокринология, метаболизм, неонатология, соғлиқни сақлаш мутахассислари, биокимё, ҳужайралар молекуляр биологияси, генетика ва иммунология каби соҳалардаги тадқиқотчилар ва олимлар учун мўлжалланган.