Немис пивосида саратон келтириб чиқариши мумкин бўлган пестицидлар топилди
Мюнхен атроф-муҳит институти Германияда кенг тарқалган 14 та пиво навини синовдан ўтказди ва унда пестицидлар борлигини аниқлади, деб хабар бермоқда Spiegel нашри.
Пивонинг барча навларида глифосат пестициди изи аниқланган. Бу пестицид бутун дунёда бегона ўтларга қарши курашда ишлатилиши билан маълум.
Энг кўп миқдорда пестицидлар Саксония-Анхальт ерида жойлашган Hasseröder пиво заводи ишлаб чиқарадиган пивода аниқланган, унинг 1 литрида 29,74 микрограмм глифосат аниқланган. Энг кам миқдорда эса Баварияда ишлаб чиқариладиган Augustiner пивосида аниқланган – 1 литрга 0,4 микрограмм.
Ўтган йилнинг март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг саратонни ўрганиш халқаро агентлиги глифосат "одам учун канцероген бўлиб", саратон келтириб чиқариши мумкинлигини маълум қилди. Бу хулосага эпидемиологик тадқиқотлар, ҳайвонларда синовлар ўтказиш ва ҳужайра тўқимасини ўрганиш асосида келинган.
Шу билан бирга Европанинг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича агентлиги "глифосат одам учун канцероген хатарли бўлиши эҳтимоли кам", деган хулосага келган.