Жамият | 15:29 / 25.02.2016
12296
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мусиқа ва санъат таълимининг янги дастурлари ишлаб чиқилди

Халқ таълими вазирлиги томонидан "Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида тизимда амалга ошириладиган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Халқ таълими вазири, вазирлик мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Янги Давлат дастурига мувофиқ 2016-2020 йилларда аҳоли зич яшовчи массивларда жами 14 700 ўринли 98 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо қилиш кўзда тутилган. Шундан 2016 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган 18 та болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳудудлар бўйича манзилли дастури ишлаб чиқилди.

Ота-оналарга қулайлик яратиш ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактабларига болалар қамровини ошириш мақсадида тўлов тизими такомиллаштирилди. Эндиликда мусиқа йўналишида 1 нафар ўқувчи учун Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 75% (97 680 сўм), вилоят марказларида 50% (65 120 сўм), Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктлари 30% (39 072 сўм) қилиб белгиланди.

Санъат йўналишида 1 нафар ўқувчи учун Тошкент шаҳрида энг кам иш ҳақининг 50% (65 120 сўм), вилоят марказларида 30% (39 072 сўм), Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа аҳоли пунктларида 20% (26 048 сўм) қилиб белгиланди.

Шунингдек, бир оиладан 2 ёки ундан ортиқ болалар таълим олса, уларнинг ҳар бирига белгиланган бадал тўловининг 70% миқдорида тўланади. Халқаро ва Республика танловлари ғолиблари бир йил муддатга тўловдан озод этилади.

Дастур доирасида амалга оширилган ишлар натижасида мусиқа ва санъат мактабларининг қамровини камида 1,5 фоизга чиқариш имконияти ҳамда болалар мусиқа ва санъат мактаблари тизимини кенгайтириб, барча туман, шаҳар ва қишлоқларда ўқувчиларнинг миллий мусиқий меросимиз билан бирга, жаҳон мумтоз композиторлари ва рассомларининг ижодини ўрганишларига қулай шарт-шароитлар ва тенг имкониятлар яратилади, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати