Павел Дуров икки йил ичида Telegram’дан фойда олишни бошлашини айтди
Telegram бош директори Павел Дуров икки йил ичида мессенжердан фойда олишни бошлаш режасини маълум қилди. Дуров бу ҳақда Fortune журналига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Дуров Telegram учун турли молиявий моделлар қўлланиши, жумладан тушумдан улуш олиш таклиф қилинадиган бизнес учун хизматларнинг ишга туширилишини таъкидлаб ўтди.
Павел Дуров мессенжерни молиялаштириш учун ҳар ойда ўз маблағларидан 1 млн доллар сарфлаётгани, бироқ бу фақатгина "яқин вақтгача давом этиши мумкинлигини" айтди.
23 февралда Telegram матбуот хизмати мессенжернинг аудиторияси 100 млн дан кўпроқни ташкил қилаётгани, ҳар кунлик хабарлар трафиги 15 млрд дан ошганини маълум қилди. Мессенжерда ҳар куни 350 мингдан кўпроқ янги фойдаланувчи рўйхатдан ўтади.
2014 йилда Россиядан кетган "ВКонтакте" ижтимоий тармоғи асосчиси Павел Дуров 2013 йил августида Telegram’ни ишга туширган. Дуров 2015 йил май ойида мессенжер аудиторияси 2014 йил декабридаги 40 млн дан 62 млн гача ошганини, ҳар куни юбориладиган хабарлар сони кунига 2 млрд гача етганини, ҳар куни рўйхатдан ўтадиган фойдаланувчилар сони эса 145 мингдан 220 минггача ошганини маълум қилганди.