Жаҳон | 13:46 / 25.02.2016
1941
1 дақиқада ўқилади

Сеул ва Теҳрон ўзаро иқтисодий ҳамкорликни қайта бошлаш бўйича музокаралар ўтказади

Жанубий Корея ва Эрон кейинги ҳафтада ўзаро иқтисодий ҳамкорликни қайта бошлаш бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Жанубий Корея савдо, саноат ва энергетика вазирлиги маълум қилди.

"Музокара йўли билан аввал тўхтатиб қўйилган ишчи алоқаларни тиклаш ва компанияларимизга Эрон бозорида муваффақиятли рақобат қила оладиган тузилмаларни яратиш режалаштирилмоқда", дейилмоқда хабарда. Бунда амалга ошириладиган биринчи қадам икки давлат ўртасида электрон савдо тизимини яратиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаш бўлади.

Музокаралар 29 февралда Теҳронда бошланади. Жанубий Корея делегациясига савдо, саноат ва энергетика вазири бошчилик қилади. Бўлиб ўтадиган учрашувларда савдо, энергетика, қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда икки томонлама иқтисодий муносабатларнинг барча йўналишларини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Эронга Жанубий Кореянинг йирик компанияларининг деярли юзга яқин вакили йўл олади. Улар Эрон бизнесининг вакиллари билан учрашадилар.