Ўзбекистон | 20:26 / 26.02.2016
6366
2 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш 30 кундан 7 кунга қисқарди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тадбиркорларнинг ер участкалари, бино ва иншоотлар, кўп йиллик дарахтзорларга бўлган хусусий мулк ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона тартиб белгиланди. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш босқичи 12 тадан биттага, муддатлари 30 кундан 7 кунга қисқартирилди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда.

2016 йилнинг 1 январидан давлат хизматларини кўрсатувчи «ягона дарча» марказлари орқали Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси томонидан уч турдаги хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ер участкаси учун гувоҳнома бериш, бино ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқлар тўғрисида гувоҳнома тақдим этиш ҳамда ипотека шартномаси, ер участкаси, бино ва иншоотлар ипотекасини давлат рўйхатидан ўтказиш хизматлари ушбу марказлар орқали амалга оширилмоқда.

Мазкур давлат хизматлари интернет тармоғидаги ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали ҳам кўрсатилмоқда. Жорий йилда порталда кадастр ҳужжатларини қабул қилиш хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган.