Спорт | 09:12 / 26.02.2016
2243
1 дақиқада ўқилади

Новак Жокович кўзидаги муаммо туфайли Дубайдаги турнирни тарк этди

Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси, сербиялик теннисчи Новак Жокович Дубайда давом этаётган турнирнинг ( Dubai Duty Free Tennis Championships) чорак финалида испаниялик Фелисьяно Лопесга қарши баҳсни тугата олмади. Баҳснинг биринчи сетида 3:6 ҳисобида мағлуб бўлган Жокович кўзидаги муаммони сабаб қилиб кўрсатиб, мағлубиятни муддатидан олдин тан олди ва турнирни тарк этди.

Лопес кейинги босқичда кипрлик Маркос Багдатисга қарши кортга чиқади.

Жокович турнирнинг иккинчи даврасида баҳсларга қўшилган ва тунислик Малек Жазирини 6:1, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга ўтганди. Унинг Жазири устидан ғалабаси фаолиятидаги 700-ғалаба сифатида тарихга кирганди. Жокович айни пайтга келиб, 700та ғалаба, 147та мағлубият кўрсаткичига эга бўлиб турибди. Жоковичдан ташқари ҳозирда фаолиятини давом эттираётган теннисчилардан Рожер Федерер 1067та, Рафаэль Надаль эса 775та ғалабага эришган.