Ўзбекистон ва Болгария транзит ва савдони кенгайтирмоқчи
Тошкентда 25 февралда Ўзбекистон ва Болгария ўртасида иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 4-йиғилиши ҳамда икки давлат бизнес доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Туркистон-пресс" ахборот агентлиги.
Ўзбекистондаги музокараларда иштирок этиш учун Болгария ҳукумати ва бизнеси вакилларидан иборат катта делегация ташриф буюрди. Делегацияга Болгария ҳудудий ривожланиш ва ободончилик вазири Лиляна Павлова бошчилик қилди. Хорижий делегация таркибига Болгария иқтисодиёт вазирлиги вакили, энергетика, атроф-муҳит ва сув захиралари вазири ўринбосари, Миллий йиғилиш ва бошқа ҳукумат институтлари вакиллари ҳамда 30 дан кўпроқ бизнес вакиллари кирди.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев комиссиянинг йиғилишини оча туриб, Болгарияни Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги ишончли ва истиқболли ҳамкори деб атади.
Элёр Ғаниевнинг таъкидлашича, Болгария билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро савдо ҳажми 2015 йилда 41,2 млн долларни ташкил қилган. Бу эса икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятига жавоб бермайди. Ғаниев савдо, инвестициялар, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун барча шароитлар мавжуд, деб айтди.
Болгария делегацияси раҳбари Лиляна Павлова Ўзбекистон ва Болгария мавжуд салоҳиятидан тўлароқ фойдаланиши зарурлигини тасдиқлади.
Ўзбекистонда Болгария инвестициялари иштирокида 14 корхона фаолият олиб боради, улардан 3 таси тўлиқ Болгария капитали асосида яратилган. Бу корхоналар асосан кимё, тўқимачилик, вино ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритади.