Ўзбекистонда 2015 йилда 1,5 фоиздан камроқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ёпилган
Ўзбекистонда 2015 йилда 115 та нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ёпилган, бу эса бугунги кунда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ННТларнинг 1,5 фоиздан камроғини ташкил қилади, деб айтилмоқда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг ҳар йиллик чоп этиладиган ҳисоботида.
Ҳисоботга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 8,4 мингтадан сал кўпроқ ННТ рўйхатдан ўтган. ННТлардан кўпчилиги тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни ривожлантириш (22,1 фоиз) ва демократик институтларни ривожлантириш (17 фоиз) соҳаларида қайд қилинган.
"2015 йил давомида 115 та ННТ йўқ қилинган, улардан 27 таси суд орқали, 88 таси кўнгилли тарзда йўқ қилинган", деб айтилмоқда ҳисоботда. Ҳисобот муаллифларининг фикрича, ННТларнинг йўқ қилинишидаги асосий сабаблардан бири сифатида "учинчи секторда" малакали ходимларнинг етишмаслиги ҳамда бу ташкилотларнинг етарлича моддий-техник жиҳозланишга эга эмаслиги ажратиб кўрсатилган.
Ҳисоботда давлат томонидан ННТларнинг қўллаб-қувватланиш даражаси анча юқорилиги кўрсатилган – охирги 8 йил ичида ННТларга 17 млн доллар берилган, улардан 3,6 млн доллари 2015 йилда берилган. ННТларга молиявий кўмак кўрсатиш Ўзбекистон парламентининг "Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тартибга солинади. Қарорга кўра, парламент ҳузурида ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик жамғармаси ва жамғарманинг маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссияси ташкил этилган.
"ННТларни ривожлантиришга қулай меъёрий-ҳуқуқий шароитларнинг яратилиши, авваламбор, 2014 йилда қабул қилинган "Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида"ги қонун кўмак беради. У кучга киргандан кейин давлат идоралари ва ННТларнинг ҳамкорлиги бўйича ишлар фаоллашди", дейилмоқда ҳисоботда.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти 2003 йилда Ўзбекистоннинг бир қатор жамоатчилик ташкилотлари, тадқиқот ва таълим муассасалари ташаббуси билан яратилган.