Трампнинг рафиқаси АҚШга миграция қилгани ҳақида гапириб берди
АҚШ президенти лавозимига номзод Дональд Трампнинг рафиқаси, асли словениялик бўлган Меланья Трамп қандай қилиб АҚШга миграция қилганини айтиб берди, деб ёзмоқда Washington Post нашри.
Словениялик модель Меланья Трамп кам интервью беради. У MSNBC каналидаги Morning Joe кўрсатувида турмуш ўртоғи Дональд Трампнинг ноқонуний миграцияга қарши кучайтирилган чоралар киритиш ҳақидаги гапларини ёқлаб чиқди ҳамда фақатгина қонуний миграцияни қўллаб-қувватлашини айтди.
"Мен қонунга амал қиламан. Мен ҳеч қачон АҚШда ҳужжатсиз қолишни мўлжалламаганман. Мен ҳар бир неча ой давомида Словенияга янги виза олгани борардим. Кейин АҚШга қайтиб, грин-картага ариза топширардим. Мен қонунга амал қилганман ва қолганлар ҳам шундай қилиши керак", деб айтди Меланья Трамп.
Нашрнинг таъкидлашича, Трампнинг рафиқаси мексикалик муҳожирлар билан бирга виза олиш учун навбатда туришига тўғри келмаган, чунки моделлар алоҳида қобилиятларга эга ишчилар сифатида визалар олишади.
Меланья Трамп ва Дональд Трамп 2005 йилда никоҳ қуришган. Уларнинг 10 ёшли бир нафар ўғил фарзандлари бор.
Меланья Трамп Дональд Трамп навбатдаги праймеризда ютгандан кейин, турмуш ўртоғи энг яхши президент бўлади, деб айтди.