Интерпол Немцов ўлими ташкилотчиси сифатида қаралаётган гумондорни қидирувга берди
Интерпол россиялик сиёсатчи Борис Немцовнинг ўлими ташкилотчиси сифатида гумон қилинаётган Руслан Мухудиновни ҳалқаро қидирувга берди. Бу ҳақда марҳум сиёсатчи оиласининг адвокати Вадим Прохоров маълум қилган.
«Менга маълум бўлгани, Мухудиновнинг қидируви Интерпол томонидан ҳам бошланган», — дейди у.
"Ушбу шахснинг қидируви билан нафақат Интерполнинг Россиядаги бюроси, балки Лион шаҳридаги бош котибият ҳам шуғулланмоқда", деб таъкидлади Прохоров.
«Расмий сайтда ҳали бу ҳақида маълумот йўқ, лекин биз уларни у ерда бўлишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Биз Мухудиновнинг сиёсатчи ўлимига тўғридан-тўғри алоқаси бор деб ўйлаймиз, лекин унинг ролини ошириб ҳам камайтириб ҳам юбормаслик керак. У ташкилотчи ва бажарувчи», — деб давом эттирди Прохоров.
Олдинроқ, Борис Немцов оиласининг адвокатлари унинг ўлими айбдори ҳали топилмагани ва иш тугалланмаганини эълон қилишганди.