Клаудио Раньери: «Рома» – «Реал» ўйинида Роналдуни кузатдим. У ёмон футболчи эмас»
«Лестер» жамоаси бош мураббийи Клаудио Раньери АПЛда рўй берган қисқа танаффус вақтида ўзи ва шогирдлари бу вақтни қандай ўтказишгани ҳақида сўзлаб берди.
«Мен футболчиларга вақтни ўтказиш бўйича жадвал тузиб бердим. Улар бу кўрсатмамни ҳурмат қилган ҳолда, жадвалдан оғишмай ишларини олиб боришди. Улар яхши дам олишса, натижалар ҳам яхши бўлади.
Футболчиларимга ишонаман, чунки улар профессионаллардир. Яна бир бор такрорлайман, бу танаффус бизнинг фойдамизга ишлади. Рақиблар бошқа турнирларда куч сарфлаётган вақтда бизникилар куч тўплаб олишди.
Футболчилар учун бу ҳам таътил бўлди.
Ўзим эса ўйлаш билан банд бўлдим. Ёнимда ҳамиша ноутбук бўлади. Мен ўзимнинг ишдан бўш вақтларимда, оилам даврасида бўлганимда ундан узилмасдан экранга қараб ўтираман.
Ўтган ҳафтада «Рома» ва «Реал» ўйинини томоша қилиш учун бордим. Криштиану Роналдунинг ўйинини кузатдим. Умуман олганда ҳали унинг спорт формаси ёмон эмас, ёши ўтаётгани ҳам билинмайди», – дейди Раньери.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни ўтказилган АПЛнинг 26 тур ўйинида «Лестер» «Арсенал»га қарши майдонга тушган ва охирги дақиқада ўтказиб юборилган гол туфайли 1:2 ҳисобида мағлуб бўлганди. Ўтган вақт ичида АПЛда тур ўйинлари ўтказилмади, жамоалар халқаро турнирларда (ЕЧЛ ва Европа Лигаси кубоги) ҳамда Англия Кубоги ва Англия Лигаси Кубоги учрашувларида иштирок этди. «Лестер» эса кубок ўйинларини тарк этган ва 2 ҳафта давомида дам олган. Бугун жамоа «Норвич»ни ўз майдонида қабул қилади. «Тулкилар» айни вақтда 53 очко билан иккинчи ва учинчи ўринлардаги «Тоттеҳэм» ва «Арсенал» жамоаларини 2 очкога ортда қолдирган ҳолда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда.