Россия самолётлари Сурия ҳудудида авиазарбалар беришни тўхтатди
Россия авиацияси 27 февраль куни ўт очишни бас қилиш бўйича келишув кучга кирганидан кейин Сурияда аксилтеррор амалиётлар ўтказишни тўхтатди. Бу ҳақда Россия Бош штаби бошқармаси бошлиғи Сергей Рудскойга асосланган ҳолда Интерфакс хабар тарқатган.
Унинг айтишича, бу Сурияда ҳукумат ва мухолифат ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг кучга кириши билан боғлиқ. Россияликлар сулҳ вақтида адашиб, мухолифат марраларига зарба беришнинг эҳтимолидан қочиш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган.
У Сурия осмонида 27 февраль куни Россия ҳарбий самолётлари парвоз қилмаганини таъкидлаган.
22 февраль куни АҚШ ва Россия Сурияда тинчлик ўрнатиш ҳақидаги ҳамкорликдаги битимни эълон қилган эди. Россия раҳбари Владимир Путин ҳамда АҚШ президенти Барак Обама Сурияда ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олганди. Ушбу "тинчлик сулҳи"га мувофиқ, 27 февраль, Дамашқ вақти билан ярим тундан бошлаб Сурияда жанговар ҳаракатлар тўхтатилди.
Фақат ИШИД, "Жабҳат ан-Нусра" ва яна бир қанча террорчилик уюшмаларига нисбатан жанговар ҳаракатлар тўхтатилмаслиги маълум қилинган.
Хмеймимдаги авиабазага ҳудуддаги 17та ҳарбий уюшма вакиллари келиб, тинчлик сулҳини имзолаган. Жумладан ал-Ғаним раҳбарлигидаги Сурия Демократик армияси, "Искандерон" отрядлари, "Сурейм" ва "Челобия" гуруҳлари, "Саҳро лочинлари" ва бошқалар.
26 февраль куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Сурияда тинчлик ўрнатиш ҳақидаги резолюция бир овоздан маъқулланди.
Хавфсизлик Кенгаши АҚШ ва Россиянинг ҳамкорликда қабул қилган Сурияда ҳарбий ҳаракатларни 2016 йилнинг 22 февралидан тўхтатиш ҳақидаги баёнотини қўллаб-қувватлашини ҳамда ҳарбий ҳаракатларни 2016 йил 27 февралида Дамашқ вақти билан соат 00:00да тўхтатишни талаб қилиши ҳақида резолюция қабул қилган.
БМТ ХК ҳужжатида Суриядаги сиёсий ўтиш даврида Женева конвенциясига мувофиқ, сурияликларнинг ўзи фаол иштирок этиши таъкидланади.