Смартфонлардаги иссиқликни ютувчи қувурлар янги трендга айланиши мумкин
Йил сайин мобиль қурилмалардаги процессорлар қувватлироқ бўлиб бормоқда ва шу билан бирга уларнинг қизиб кетиши ҳам ортмоқда. Бунга ёрқин мисол Qualcomm компаниясининг ўтган йили чиққан Snapdragon 810 процессори бўлди. Samsung компанияси бу процессордан умуман фойдаланишдан воз кечди. Бироқ жорий йилда Snapdragon 820 процессори чиқди ва ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, у ўзидан аввалги процессор каби қизиб кетмайди. Шу сабабли Samsung жорий йилда ўзининг янги Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge смартфонларида янги процессорни қўллашга қарор қилди. Бу смартфонлар кўпчилик давлатларда Exynos 8890 процессори билан сотилади, бироқ АҚШ ва Хитой каби бир қатор давлатларда Snapdragon 820 қўлланган версиялари сотилади. Кўринишича, Samsung эҳтиёт шарт шундай қилишга қарор қилган.
Samsung янги Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge смартфонларида биринчи марта иссиқлик қувури ёрдамида совитиш тизимини қўллади, бу қувур процессордан чиқаётган иссиқни ютиб, атрофга тарқатиб юборади. Бундай усулдан Sony’нинг флагман моделларида ҳамда Microsoft’нинг Lumia 950/950 XL смартфонида фойдаланилган.
Мутахассислар жорий йилда бундай совитиш тизимига эга бўладиган кўплаб смартфонлар ишлаб чиқарилишига ишончлари комил. Маълум қилинишича, кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ҳанузгача совитишда металл тагликка эга графитдан фойдаланишади. Баъзи компаниялар процессор қизиб кетганда унинг частотасини камайтирадиган дастурдан фойдаланадилар. Иссиқлик қувурларининг қўлланиши аввал унча оммабоп бўлмаган, чунки уни қўллаш мобиль қурилманинг конструкцияси ва корпуси ичидаги деталлар жойлашишини ўзгартиришни талаб қилади. Шунингдек, смартфон ишлаб чиқарувчиси бу қувурларни ишлаб чиқариш учун қўшимча ускуна сотиб олиши керак.
Таҳлилчиларнинг фикрича, иссиқлиқни ютувчи қувурларнинг Samsung смартфонларида пайдо бўлиши билан қолган ишлаб чиқарувчилар совитишнинг бу усулига эътибор қаратадилар.