Украина ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати билан алоқаси борликка текширилмоқда
Украина мудофаа вазирлиги мамлакатнинг ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Сергей Гайдук номига билдирилган айбловлар бўйича текширув бошлади: унинг қариндошлари Россиянинг Федерал хавфсизлик хизмати билан алоқадорликда гумон қилинмоқдалар. Бу ҳақда 27 февралда УНИАН агентлиги хабар берди.
Текширув бошлангани ҳақида мудофаа вазири Степан Полторак маълум қилди. Текширувга унинг ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ жалб қилинган.
Гайдук текширув пайтида лавозимидан четлатилмайди. "Бундай ҳожат йўқ. Чунки биз олган маълумотни текшириш керак. Биз ҳар гал бундай вазиятда ходимларни четлатаверсак, унда бир ўзим қолиб кетаман. Аввал аниқлаштириб олиш керак", деб айтди Полторак.
11 февралда Украина президенти Пётр Порошенконинг сайтида Гайдук номига айбловлар билдирилган арзнома пайдо бўлган. Унинг муаллифлари Гайдук Россияга бефарқ эмаслиги, унинг қизи Севастополда яшаши ва ФХХ ходими билан турмуш қурганини таъкидламоқдалар. Улар ҳукуматдан бу маълумотларни текширишни ва улар тасдиқланса, Гайдукни лавозимидан бўшатишни талаб қилишмоқда.
Гайдук Украина ҳарбий-денгиз кучларига 2014 йил мартидан бошчилик қилиб келади.