Иқтисодиёт | 16:09 / 28.02.2016
13872
3 дақиқада ўқилади

Жэк Ма бу даражага қандай етиб келган?

Ҳаммага маълумки, Алибабанинг асосчиси Жэк Ма Хитойдаги энг бадавлат инсон. Унинг электрон тижоратга асосланган компанияси Алибаба кунига 100 миллион харидорни ўзига жалб этади. Манинг бойлиги 20,4 миллиард АҚШ доллари қийматида баҳоланган.

Бироқ шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Хитойдаги энг бадавлат одам даражасига етгунига қадар у кўплаб рад этишларга учраган.

Ўзининг журналист Чарли Роузга берган сўнгги интервьюсида бизнесмен коллежга кириш имтиҳонидан уч маротаба йиқилганлигини маълум қилган.

Коллежни тамомлагач, Ма 30 та турли хил ишга ҳужжатлар топшириб, рад жавобини олган.

“Полицияга ишга борганимда, “тўғри келмайсиз, деб айтишди” – дейди Ма Роузга. “KFC – (қовурилган жўжалар)” шаҳримизда тайёрлана бошлаганида ҳам у ерга ишга киришга ҳаракат қилиб кўрдим. Йигирма тўрт киши суҳбатга бордик. Улардан йигирма учтаси ишга олинди. Мен эса ишга қабул қилинмаган ягона номзод эдим...”

1998 йилда Алибаба ташкил этилганида ҳам Ма қийинчиликларга дуч келди.

Брэнд дастлабки уч йил давомида фойда келтирмади, бу эса Мани ижодкорона йўл тутишга ундади. Компаниянинг энг катта муаммоларидан бири шу эдики, тўловларни амалга оширишнинг ҳеч қандай йўли мавжуд эмасди, ҳеч бир банк у билан ишлашни истамасди.

Ма ўзининг шахсий тўловлар дастури Alipayни йўлга қўйишга қарор қилди. Дастур халқаро сотувчи ва харидорлар ўртасида турли пул бирликларида тўловларни амалга ошириш имконини беради.

– Ўша вақтда кўплаб одамлар бу дунёдаги энг аҳмоқона ғоя эканлигини айтишган, – дейди Ма. – Мени эса бу ҳавотирга солмади, инсонларга фойда келтирар экан, бу аҳмоқона ғоя эмаслигини билардим.

Бугунги кунда 800 миллион киши Alipayдан фойдалинб келмоқда.

Бу мақолани ўқигач, шундай хулосага келишимиз мумкинки, бирор-бир ишни амалга оширишда инсонларнинг у ёки бу фикрларидан қўрқмаслик лозим. Ҳар бир муаммо сизни янада моҳирона йўл тутишга ундайди. Мана шундай қийинчиликларга қарамай йўлида давом эта олганларгина муваффақиятга эришади.