Миср сайёҳлик соҳаси йўқотишлари 2,3 млрд долларни ташкил қилди
Миср сайёҳлик соҳасининг 2015 йил ноябридан 2016 йил февралигача йўқотишлари 2,3 млрд долларни ташкил қилди, деб хабар бермоқда Миср сайёҳлик вазирлигидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда "Ал-Гумхур" газетаси.
Манба, шунингдек, яқин ойларда Мисрдаги хавфсизлик соҳасидаги нобарқарор вазият ва Россия самолётининг Синай яримороли устида фалокатга учраши сабабли сайёҳликдан олинадиган даромадлар янада камайиши мумкинлигини айтмоқда.
Миср сайёҳликни фаоллаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, Қоҳирада февралда италиялик талаба Жулио Режинининг ўлдирилиши сабабли россиялик ва британиялик сайёҳлардан ташқари, Миср февраль-март ойида 90 фоиз италиялик сайҳёларни ҳам йўқотиши мумкин.
Миср сайёҳлик палаталари бошқармаси раҳбари Илҳом аз-Заятнинг айтишича, "2016 йил Миср сайёҳлик соҳаси тарихида энг ёмон йил бўлади".
Мисрда Россия самолёти фалокатга учрашидан аввал Миср 2015 йил охиригача 10 млн сайёҳни қабул қилишни мўлжаллаганди. Август охирида бу кўрсаткич 6,6 млн кишини – 2014 йилдаги шу вақтдаги кўрсаткичдан 5 фоиз кўпроқни ташкил қилганди. Мисрга келадиган сайёҳлар сони бўйича Россия 1-ўринда, 2- ва 3-ўринда Буюк Британия ва Германия, кейинги ўринларда эса Италия ва Франция туради.
Миср сайёҳлик вазирлиги маълумотларига кўра, сайёҳлик соҳаси мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 11,3 фоизини беради ҳамда 14 фоиз валюта даромадларини таъминлайди.