Ўзбекистон | 10:29 / 28.02.2016
5032
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта бошидан "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланади

2016 йил 9 февралда Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тасдиқланди. Ушбу Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан шу йилнинг 29 февралидан бутун мамлакат бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланади.

Анъанага мувофиқ, мазкур тадбир ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари, тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи олиму шифокорлари иштирокида ўтказилади. Ушбу йирик ижтимоий тадбирни ташкил этишдан мақсад аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилиш ҳиссини кучайтириш, турли хасталикларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боришдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ижтимоий акция ҳам бу борадаги эзгу ишларнинг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин.

Бутун мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтадиган навбатдаги ижтимоий акцияда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин етакчи олимлари ҳамда юксак малакали шифокорлари иштирок этишади. Улар юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар.

Акция доирасида юртимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳоли қатламлари ҳам қамраб олинади. Бу галги тадбир ҳам икки босқичда ташкил этилади. Дастлаб вилоятнинг ўзида фаолият кўрсатаётган малакали мутахассислар ҳудуд аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказадилар. Иккинчи босқичда эса республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларидаги энг тажрибали мутахассислар иштирокида юқори даражадаги консилиумига эҳтиёжи аниқланиб, олдиндан рўйхати тузилган фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланганлиги боис тиббий кўрикларни самарали ўтказишга муваффақ бўлинмоқда.

Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турувчи беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилмоқда. Бу эса ўз навбатида, одамларнинг узоққа қатнаб овора бўлмаслиги, мушкули осонлашиши, дарди енгиллашувида муҳим аҳамият касб этади. Саломатлик ҳафталиги шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан юқори малакали мутахассисларнинг энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлар учун барча бирдек мамнун бўляпти.

Тиббий текширувлар замонавий диагностика асбоб-ускуналари, жумладан, флюро-мобиллар, УТТ ва ЭКГ аппаратлари воситасида ўтказилади. Тадбир давомида пенсионерлар, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар, ёлғиз кексалар, болалар, фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Кўрик пайтида хасталиклар аниқлангудек бўлса, ҳар бир бемор учун махсус даволаш ва реабилитация режалари белгиланади. Жумладан, аҳолининг амбулатор шароитда, туман, вилоят шифохоналари ҳамда республика даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши назоратга олинади.

Бу галги ижтимоий акция қамрови янада кенгайганлигини айтиш жоиз. Акцияда хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказишади.

Энг муҳими, бу каби кўриклар туфайли кенг жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, профилактик чора-тадбирларни сифатли ташкил этиш ва аҳоли, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришилмоқда. Қолаверса, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармаларининг ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён туриб, тажриба орттириш, соҳадаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш, умуман, мутахассислар ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати