Жамият | 12:06 / 28.02.2016
18461
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Шуҳрат Қаюмов бетоб, бироқ...

Хушовоз хонанда, тажрибали сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг соғлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқади. Биз ижодкордан ҳол-аҳвол сўраш ва хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида у билан боғландик. Хонанданинг “Алло, ассалому алайкум”, дейиши қаттиқ шамоллагани сезилди.

-Турли нашрларда Шуҳрат Қаюмов шифохонага ётқизилди, деган хабарлар тарқади. Шунга ҳол сўрай деб, қўнғироқ қилаётгандик.

-Раҳмат. Тўғриси, хизматлар, турли тадбирлар билан бўлиб, 3 маротаба шамоллашни оёқда ўтказиб юборгандим. Даволанишга вақтимни қизғандим. Аммо касаллик асоратсиз бўлмас экан. Барибир, улар йиғилиб, ўз кучини кўрсатди. Шу боис, шифокорга мурожаат қилдим. Ҳозир профилактик даволаниш курсларини олаяпман. Лекин шундай бўлса-да, репетицияни давом эттираяпман.

-Соғлиқни ўйлаб, бирор ҳафта дам олсангиз бўларди. Шу пайт фонограмманинг қадри ўтаётгандир?

-Ҳа, нимасини айтасиз. Дўстларим, ҳамкасбларим ҳам шунақа дейишди. Бироқ, мухлислар концертни кутишаяпти. Уларнинг ишончини оқлаш мен учун жуда муҳим. Саломатликни тиклаб олиш учун белгиланган тартибда даволанаяпман. Яратгандан куч-қувват, мухлисларимдан дуо сўрайман. Бу йилги концерт ҳар йилгидан яхши ўтишига умид қилаяпмиз ва шунга астойдил тайёрланаяпмиз.

-Шуҳрат ака, биз ҳам сизга сихат-саломатлик ва куч-қувват тилаймиз! Соғайиб кетинг!

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Қаюмовнинг “Истиқлол” санъат саройидаги жонли ижродаги концерти 22-23 март кунларига белгиланган.