Ўзбекистонда ҳокимиятлар тузилиши янгиланди
Вилоятлар ва Тошкент ҳокимиятлари бошқарув аппаратида иқтисодиётнинг асосий бошқаруви бекор қилинди ва ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича жамланма бошқарув ташкил этилди.
Ушбу янгиланишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 22 февралдаги қарорида белгилаб ўтилган. Туман ва шаҳар ҳокимиятлари тузилишида ҳам шундай тегишли ўзгаришлар амалга оширилади, деб хабар беради "Газета.uz”
Ҳужжатда келтирилишича, ҳудудларни ҳар томонлама ва мувозанатли ривожлантириш, уларда мавжуд табиий хом-ашё, ишлаб чиқариш ва ишчи кучлари салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқарувчи кучларни оптимал тақсимлаш ва аҳоли яшаш сифати ва даражасини барқарор ўсишини таъминлаш, қолаверса, маҳаллий ҳокимиятлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ушбу қарор қабул қилинди.
Янги бошқарувлар саноат ва капитал қурилишни ривожлантириш; қишлоқ хўжалиги (пойтахт ҳокимиятидан ташқари); транспорт, муҳандислик алоқалари ва коммунал хизматлар; ижтимоий ривожлантириш, демография ва аҳоли бандлиги , шунингдек, жамлаш бўлими бўлинмаларини ўз ичига олади.
Қарорга биноан, жамланма бўлимларида фаолият юритиши учун ходимларни суҳбатдан ўтказиш ва ишга қабул қилиш бўйича бош вазир биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигида комиссия ташкил этилди. Бошқарув органи ходимларини, хусусан, чет элларда ўқитиш ва тажрибасини орттириш орқали малакасини ошириш тизимини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Қарорга асосан, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлари ўринбосарлари бештадан олтитагача кўпайтирилади – маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ўз-ўзини бошқарув органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосар пайдо бўлади. Шаҳар ва қишлоқ туманлари ҳокимлари ўринбосарларининг мажбуриятлари ҳам ўзгартирилган.