АҚШ суди Apple’ни наркосавдогарнинг смартфони блокировкасини очиш талаб қилинган ишда ҳимоя қилиб чиқди
Америка ҳукумати Apple компаниясини Нью-Йоркда ноқонуний гиёҳванд моддалари савдосида айбланиб, қўлга олинган наркосавдогарнинг iPhone смартфони блокировкасини очишга мажбурлашга ҳақли эмас. Бруклин суди шундай қарор чиқарган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 2015 йилнинг октябридан бери, (ўшанда Сан-Бернардино теракти ижрочиларидан бири Саид Фаруқнинг телефонига ҳам маълумот олиш учун киришни таъминловчи махсус дастурий таъминот тақдим этишни талаб қилганди) бу iPhone 5S русумли бу телефон блокировкасини очишни талаб қилиб келмоқда. Компания бу талабга қатъиян рад жавоби бермоқда.
Адлия вазирлигидагилар суд қароридан норози бўлишган ва юқори судга мурожаат қилишларини билдиришган.
Нью-Йоркдаги иш бўйича қўлга олинган Жан Фэнь ўзига қўйилган айбларни тан олган, лекин органлар унинг смартфонида муҳим маълумотлар борлигига умид билдиришмоқда.
25 февраль куни Apple компанияси судга мурожаат қилиб, унга Федерал қидирув бюросига террорчи Саид Фаруқнинг смартфонига бузиб киришда ёрдам бериш мажбуриятини юклаган қарорни бекор қилишни сўради. Apple ФҚБ билан ҳамкорликдан бош тортишини маълум қилди. Бу қарор АҚШ Конституциясига киритилган Биринчи тузатиш билан асосланди. Аризада айтилишича, ушбу талаб Apple компаниясининг АҚШ Конституциясига киритилган Биринчи тузатиш орқали кафолатланган фикр билдириш учун мажбурланмаслик ҳуқуқини бузади.
16 февраль куни судья Шери Пим АҚШнинг Apple корпорацияси Федерал қидирув бюроси ходимларига «Сан-Бернардино мергани»нинг телефонини бузиб, ундаги маълумотларни олишда ёрдам бериши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилганди.
17 февраль куни Тим Кук Apple’нинг ФҚБга ёрдам бериши борасидаги суд қарорига эътироз билдирди.
Кўп ўтмасдан Google (вице-президент Сундар Пичаи) ва WhatsApp (бош директор Ян Кум) террорчи телефони ҳимоясини бузишни рад этган Apple’ни қўллаб-қувватлади. Кейинроқ Facebook ва Twitter ҳам бу борада Apple’ни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 2 декабрь куни АҚШ фуқароси Саид Фаруқ турмуш ўртоғи Тешфин Малик билан Сан-Бернардинодаги ногиронларга ёрдам кўрсатиш марказига уюштирган ҳужуми оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳат олган эди. Полиция томонидан йўқ қилинган террорчилар ИШИДга даҳлдорлиги айтилган эди.