Жанни Инфантино: «Маошим қанча бўлишини билмайман. Мен пул учун сайловда қатнашмадим»
26 февраль куни ўтказилган сайлов натижасида ФИФАнинг янги президентига айланган Жанни Инфантино ўзининг янги лавозимидаги маоши қанча бўлишини билмаслигини билдирди.
«Менга бу ҳақда айтишмаган. Шуни айтишим мумкин, балки сиз ишонмассиз ҳам, лекин мен кўп пул топиш мақсадида ФИФА президенти бўлишни истамадим.
Мен ҳали кимдандир маошим қанча бўлишини сўрамадим. Ўзлари маълум қилишсин, кўрамиз», – дейди у.
Инфантинонинг маълум қилишича, 2026 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги учун ариза бериш тартиби май ойида ўтказиладиган ФИФА конгресси вақтида ўзгартирилиши мумкин.
«Тахминимча, яқин ойлар ичида, навбатдаги конгресс бўлиб ўтадиган май ойигача мундиал мезбонлиги учун ариза топшириш тартибини кўриб чиқамиз.
Қатар ва Россиянинг мезбонлиги масаласига келсак, қарор 2010 йилги аризаларни қабул қилиш қўмитаси томонидан чиқарилган. Ўтган вақт ичида бу қарорлар бўйича турли гаплар айтилади.
Энди бундай гапларга жавобан Россия-2018 ва Қатар-2022 турнирларини тарихдаги энг яхшилари сифатида ўтказиб беришимиз керак бўлади», – дейди Инфантино.