Ўзбекистон ва Япония ўртасида 11 та лойиҳа имзоланди
Тошкентдаги Ўзбекистон – Япония инсон ресурсларини ривожлантириш марказида 1 март куни Япония ҳукуматининг кичик ҳажмдаги ижтимоий лойиҳаларга беғараз ёрдам дастури доирасида грант шартномалари имзоланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Худоёров, халқ таълими вазири ўринбосари У.Абруев, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Като ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар каби кўплаб соҳалар қатори молиявий-техникавий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Навбатдаги грант шартномалари умумий қиймати 566 минг доллардан зиёд 11 лойиҳадан иборат. Унга кўра, Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаб, Бухоро шаҳри, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва умумтаълим мактаблари, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйи, Самарқанд шаҳридаги мактабгача таълим муассасаси, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмаси, Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Номданак» қишлоқ врачлик пункти ҳамда мазкур вилоятдаги ногиронларни реабилитация қилиш марказини ўқув ва тиббий асбоб-ускуналар, мебель жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган.