Жамият | 18:49 / 01.03.2016
5828
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда арча кесган ўзбекистонликка 6 йил қамоқ жазоси тайинланди

Қирғизистон жанубидаги Боткент вилояти ҳудудида арчаларни ноқонуний кесиш билан шуғулланган Ўзбекистон фуқаросига 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

Боткент вилояти суди матбуот хизмати маълумотига кўра, 2013 йилда вилоятнинг Қадамжо туманидаги "Қуржун" яйловида 10 туп арчани ноқонуний равишда кесган. У бу орқали Қирғизистонга 750 минг сом зарар келтирган.

Хабарда айтилишича, 2014 йилда ҳам у Бекжон, Азамат ва Умар исмли шериклари билан Қирғизистондаги арчаларни ноқонуний равишда кесган ва атроф-муҳитга зарар келтирган. Улар етказган жами зарар миқдори 1 миллион 50 минг сомни ташкил этган.

Ушбу шахсга Қирғизистон Жиноят кодексининг 279 моддасининг 2,3 банди бўйича (Дарахт ва буталарни ноқонуний равишда кесиш) жиноий иш очилганди. Иш якунида қонунбузарга жами 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.