Трамп миграция ҳақидаги гапларини жиддий қабул қилмасликни сўраган
The New York Times билан "матбуот учун мўлжалланмаган суҳбат"да Трамп АҚШга ноқонуний муҳожирлар муаммосига бўлган кескин қарашларини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида гапирган.
"Республика партиясидан Қўшма Штатлар президентлигига номзодлар ичида илгари бораётган миллиардер Дональд Трамп The New York Times газетаси ходими билан "тор доирадаги учрашув"да агар у сайловда ғолиб бўлса, АҚШга ноқонуний муҳожирлар оқими муаммосига бўлган кескин қарашларини ўзгартиришини маълум қилган. Ушбу суҳбат аудио ҳолида ёзиб олингани тўғрисида 29 февраль куни маҳаллий ОАВ хабар тарқатган", деб хабар беради ТАСС.
BuzzFeed онлайн-портали ёзишича, ушбу суҳбат январь ойининг бошида Манхэттенда The New York Times газетаси штаб-квартирасида бўлиб ўтган. Суҳбатнинг тўлиқ мазмуни маълум эмас. Газета таҳририяти махфийликни сақлаш қоидаси бўйича, суҳбатни нашр этишдан бош тортган.
Ушбу шахсий суҳбат мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар тарқалгач, Трампнинг рақиблари ундан суҳбатни эълон қилишга рухсат беришини талаб қилишган. Флоридалик сенатор Марко Рубионинг сўзларига кўра, "Трампнинг қарашлари ва нияти аслида қандай эканлигини барча билиши лозим".
Эслатиб ўтамиз, Трамп бир неча бор Мексика чегарасида ноқонуний муҳожирлар АҚШга кира олмаслиги учун улкан девор қуриш режаси ҳақида маълум қилган.
Медиамагнатнинг барча мусулмонларга АҚШ ҳудудига киришни тақиқлаш лозим деган фикри ҳам жамоатда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Трампнинг ўзи бунга мамлакатга мусулмонлар билан бирга ИШИД террористик гуруҳлари кириши хавфи ортиши билан изоҳлаган.