Спорт | 10:58 / 02.03.2016
2640
2 дақиқада ўқилади

Жанни Инфантино: «Видеотакрорлар футбол динамикасига таъсир кўрсатмаслиги керак»

Халқаро футбол федерациялар ассоциацияси (ФИФА) янги президенти Жанни Инфантино ташкилот расмий сайтига берган интервьюсида футболга жорий қилиниши мумкин бўлган видеотакрорлар учрашув динамикасини бузиб қўймаслиги кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Футбол – бу жуда муҳим ўйин, у спорт турлари ичида энг чиройлиси ва муҳими саналади. Биз эса унинг хусусиятларини ўлдириб қўйишни истамаймиз. Футболдаги энг асосий омил — ўйиннинг тўхтаб қолмаслиги. Шу жиҳати билан у бошқа видеотакрор талаб қиладиган спорт турларидан ажралиб туради.

Футболда эса муҳим қарорларни чиқарадиган ҳакамлар мавжуд. Биз уларга технологиянинг қайси йўли орқали ёрдам бериш мумкинлигини ҳақида бош қотиришимиз зарур. Бунинг учун жиддий синов ўтказишга тўғри келади. Буни қанча тез бошласак шунча яхши. Фақат битта шарт билан олиб кирилган янгилик ўйинни бузиб қўймаслиги керак», – дея таъкидлади Инфантино.

Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши (IFAB) ҳакамларга видеотакрорлар орқали кўмак берувчи технологияни футболга олиб кириш масаласини 5 март куни кўриб чиқишни режалаштирган.