Суд 4 ёшли гўдак қотиллигида гумон қилинган Гулчеҳра Бобоқуловани 2 ой муддатга ҳибсга олди
Москва суди ўз қарамоғидаги 4 ёшли қизчани ўлдирганликда гумон қилиниб, қўлга олинган ўзбекистонлик энагани ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.
Қайд этилишича, Гулчеҳра Бобоқулова 29 апрелгача ҳибс қилинган.
Бундан олдинроқ, Тергов қўмитаси қотилликда гумон қилинаётган ушбу аёл ўзгаларнинг қутқуси бўйича жиноят содир этгани ҳақида маълум қилганди.
Тергов қўмитаси 4 март куни Бобоқуловага қотиллик айбловини эълон қилиши режалаштирилган.
Гувоҳларнинг кўрсатмалари ва дастлабки маълумотларга кўра, қотиллик 29 февраль куни Москва шимоли-ғарбида содир этилди. Энага 4 яшар қизчанинг ота-онаси уйдан чиқиб кетишини кутиб турган ва шундан сўнг қизчанинг калласини кесиб олиб, квартирага ўт қўйган. Телбанамо аҳволда кўчага чиқиб кетган Бобоқулова «Октябрьское Поле» метро бекати олдида полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
РИА Новости агентлиги хабарида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, ваҳшийларча қотилликда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқароси Гулчеҳра Бобоқулова, Россияда вақтилигида Тожикистон фуқароси билан яшаган. Уларнинг 3 нафар фарзанди борлиги айтилган.