Ўзбекистонда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ойлиги бошланди
Ўзбекистонда 1 мартдан 1 апрелга қадар ҳудудлардаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 29 февралидан бутун мамлакат бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар бошланган эди. 1 март куни вазирлик яна бир ташаббус билан чиқди. Унга кўра, Ўзбекистонда 1 мартдан 1 апрелга қадар ҳудудлардаги бирламчи тиббий-профилактика муассасаларида патронаж ойлиги эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар тарқатган.
Ўзбекистонда патронаж ойлигини ўтказишдан кўзланган мақсад инсон манфаатларини асраш ва саломатлигини муҳофазалашга йўналтирилган ана шундай ишлар кўламини янада кенгайтириш, тиббий-профилактика тадбирларини янада такомиллаштириш, фертил ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, болалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, сурункали касаллиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш ва тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш ҳисобланади.
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида тиббиёт тизимида олиб борилаётган узлуксиз лойиҳалар натижасида аҳолини тиббий патронаж ёрдами билан қамраб олиб бўйича замонавий тизим яратилди. 3000га яқин қишлоқ врачлик пункти, 370дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли поликлиникалар ташкил этилиб, уларнинг моддий-техника базаси замонавийлаштирилди. Ушбу бирламчи тиббий-санитария бўғинида тиббий кўрикларни ташкил этишда жаҳон тиббиётининг энг сўнгги технологияларини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Тиббий патронаж ёрдамини амалга ошириш учун малакали врачларнинг ўрни беқиёс. Бу борадаги ишларни ташкил этишда жаҳоннинг тараққий этган мамлакатларидаги илғор тажрибалар чуқур ўрганилди ҳамда миллий менталитетимиздан келиб чиқиб мутахассислар тайёрлашнинг ва қайта тайёрлашнинг замонавий тизими шакллантирилди. Бугунги кунда бу соҳада етти минг нафарга яқин умумий амалиёт врачлари халқимизга тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Аҳолини патронаж ёрдами билан қамраб олишда патронаж ҳамшира фаолияти муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда бирламчи тиббий-профилактика муассасаларимизда ўн етти минг нафардан зиёд ана шундай ўрта бўғин тиббиёт мутахассислари хизмат қилмоқда.
Патронаж ҳамшираларнинг фаолиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва тажрибасини ошириш, илғор тажрибаларни улар ўртасида кенг оммалаштириш доимий эътиборда. Шу мақсадда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан узлуксиз ўқув-услубий машғулотлар, семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда 2014 йилдан патронаж ҳамширалар фаолиятини рейтинг баҳолаш услубини жорий этиш бўйича тажриба-синов ишлари олиб борилди. Ушбу чора-тадбирлар аҳолининг тиббий патронаж ёрдамидан баҳрамандлигини оширишга хизмат қилиши маълум бўлди. 2016 йилдан бу амалиёт барча бирламчи тиббиёт муассасаслари фаолиятига татбиқ этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 декабрда қабул қилинган «Қишлоқ врачлик пунктларининг патронаж тиббиёт ҳамшираларини моддий рағбатлантиришни кучайтиришга доир қўшимча чора -тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан патронаж ҳамширалар иши самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тасдиқланди. Бунинг натижасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида уддалаётган ва аҳолига патронаж ёрдами кўрсатиш борасида юқори кўрсаткичларга эришаётган ҳамшираларнинг меҳнатидан манфаатдорлиги ошмоқда.
"Патронаж ҳамшира шундай мутахассиски, у нафақат ўзига бириктирилган хонадон аъзоларининг тиббий саломатлиги билан боғлиқ аҳвол, балки, оиланинг рухий, ижтимоий ҳолатидан ҳам хабардор бўлиши керак. Негаки, инсон саломатлигини фақатгина тиббий ёрдам билан асрашнинг ўзи етарли эмас. Саломатликни асраш кўпдан кўп омилларга боғлиқ бўлиб, бу жараёнда оилада тиббий маданият даражаси, турмуш тарзи, оиладаги психологик, ижтимоий, иқтисодий муҳит, тозалик, ҳудуддаги экологик муҳит, айниқса аҳолининг турмуш тарзи бошқа шунга ўхшаш кўплаб масалалар инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Мамлакатимизда кейинги беш йил ичида ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.
Инсон саломатлигини, навқирон авлод келажагини ўйлаб олиб бораётган мана шундай ишлар фарзандларимизнинг жисмоний камолотида ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Масалан, Ўзбекистонда бўй кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига мос келадиган 14 ёшли ўғил болаларнинг улуши бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 94,2 фоизни ташкил этмоқда. Бошқача қилиб айтганда, 14 ёшдаги ўғил-қизларимизнинг бўйи кейинги ўн йилда ўртача 2,8 сантиметрга ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Патронаж ойлигини ташкил этишдан кўзланган мақсад- бу борадаги эзгу ишларни янада такомиллаштириш, инсон саломатлигини мухофоза қилиш, касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни таъминлашга оид тадбирлар кўламини кенгайтиришдир.
Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларига қарашли барча бирламчи тиббий- санитария ёрдами муассасаларида ўтказилади. Тадбирнинг кўламини кенгайтириш ҳамда самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят, туман, шаҳар стационар муассасаларининг ходимлари ҳамда соматик касалликлар бўйича марказ, диспансер ва шифохоналарининг тиббий ходимлари ҳам ўз йўналишлари бўйича диспансер назоратида турган беморларни уйларида фаол патронажни амалга ошириш учун жалб қилинади.
Патронаж даврида хонадонларга қатновларни амалга ошириш билан бир қаторда мазкур хонадонларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, аҳоли саломатлигида ҳамда касалликни юзага келтириш мумкин бўлган омиллар, мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни ечимини топиш ва бартараф қилиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинларига ахборот киритиш ва тегишли чораларни белгилаш вазифалари амалга оширилади.
Шунингдек, кенг омма, маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва корхоналарда маҳалла фуқаролик йиғинлари фаоллари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ, ИИБ ходимлари, таълим тизими ва бошқа нодавлат ташкилот вакиллари иштирокида касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан тадбирлар ташкиллаштирилади.