АҚШ элчихонаси Россияга 28 та тарихий ҳужжатни қайтариб берди
АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Теффт россиялик архивчиларга Россияда ўғирланиб, АҚШга олиб чиқиб кетилган 28 та тарихий ҳужжатнинг Россияга топширилгани ҳақидаги баённомани топширди.
Пётр Биринчининг 1715 йил 3 апрелдаги Россияда ҳарбий хизмат ўтаётган хорижий зобитлар таъминотига тўлов ҳақидаги фармони Россия давлат ҳарбий архивидан ўғирлаб кетилган ва нусхаси билан алмаштириб қўйилган. У тасодифан АҚШнинг Невада штатидаги хусусий галереялардан бирида топилган.
"Бизнинг ҳамкасбларимиздан бири суратлар галереясига борганда у ерда бу ҳужжатни кўрган, у мутахассис бўлгани учун дарров нимадир шубҳали нарса борлигини аниқлаган ва биз билан боғланган. Биз ўз навбатида Россия маданият вазирлиги билан боғландик", деб айтмоқда АҚШ ички хавфсизлиги вазирлиги тергов хизмати атташеси Жейсон Кесседи.
Шунингдек, Россия императрицаси Елизаветанинг шам ишлаб чиқарувчи Ивановга маош тўлаш ҳақидаги фармони ҳам қайтарилган ҳужжатлар орасида бор. Ортга қайтарилган ҳужжатлар рўйхатида Анна Иоанновнадан бошлаб Александр Иккинчигача бўлган Россиянинг бошқа ҳукмдорлари фармонлари ҳам бор. Уларнинг барчаси Санкт-Петербургдаги Россия давлат ҳарбий-тарихий архивида сақланган. Уларни, тахминларча, ўғри-антиквар Владимир Файнберг 1994 йилда хорижга олиб чиқиб кетган.
Умумий ҳисобда америкалик мутахассисларга бу 28 та ҳужжатни йиғиб, уларни Москвага олиб келиш учун деярли ўн йил кетган, чунки бундай қимматли ҳужжатларни қидириш пичан ғарамида игна қидиришдек гап ҳисобланади.