«Кураш электрон қўлланмаси»нинг тақдимоти ўтказилди
Миллий матбуот марказида Кураш халқаро ассоциацияси томонидан кураш спорт турини янада кенг тарғиб этиш, уни ўргатишнинг замонавий ва қулай воситаларини жорий қилиш мақсадида ишлаб чиқилган «Кураш электрон қўлланмаси» тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳозирги кунга қадар кураш қоидалари, техника ва тактикаси қўлланмаси 50 дан зиёд тилда чоп этилган. Жаҳон спорт жамоатчилигининг курашга қизиқиши ва уни ўрганишга бўлган талабини инобатга олиб, ассоциация томонидан электрон қўлланма лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг гранти эвазига амалга оширилди, деб хабар беради ЎзА.
Қўлланмада кураш халқаро қоидалари ва усуллари, кураш тарихи, этикаси, мусобақалар ташкил этиш ва ўтказиш қоидалари овозли, матнли, сурат ва видеотасвирли тарзда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тақдим этилган.
Ҳозирда 120 дан зиёд мамлакатда кураш федерациялари, барча қитъаларда кураш конфедерациялари фаолият юритмоқда.