Норвегиялик қотил қамоқхоналарнинг шароити ғайриинсоний эканлигидан нолимоқда
Шиен қамоқхонасида ўз жазо муддатини ўтаётган террорист Андерс Брейвик инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилмоқчи.
Маҳкум унинг мисолида инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси бузилаётгани боис Норвегия ҳукуматига даъво аризаси билан чиқиш ҳаракатида, деб хабар беради Independent.
Норвегия Бош прокуратураси 2 март куни кўпчиликнинг умрига зомин бўлган қотилнинг қамоқхонада сақланиш шароити конвенция талабларига жавоб беришини маълум қилди.
Брейвик учта бино – турар жой, ўқув ва спорт залидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Унинг бошқа маҳкумлар билан мулоқот қилишга ҳаққи йўқ, бироқ у қамоқхона хизматчилари билан гаплаша олади. Телевизор, интернетсиз компьютер ва ўйин приставкасидан фойдаланишга ҳам рухсат берилган.
Андерс Брейвик 2011 йили иккита террористик актни амалга оширган. Осло шаҳрининг ҳукумат кварталида портлаш содир этган ва Утойя оролида жойлашган Норвегия ишчи партияси бошқарувидаги ёшлар лагерига ҳужум уюштирган. Умумий ҳисобда у 77 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.
Суд Брейвикни 21 йил – маҳаллий қонунчилик бўйича энг узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган. У бир кишилик камерада сақланади.
Бу Брейвикнинг жазони ўташ давридаги биринчи шикояти эмас. 2015 йилда у қамоқхона маъмуриятини унинг ОАВга йўналтирилган мактубларини манзилига етказмаётганликда айблаган эди.