Нью-Йоркда дунёнинг энг қимматбаҳо метро бекати очилди
Манхэттенда 3 март куни бутун жаҳон савдо маркази олдида дунёда энг қиммат деб баҳоланган метро бекати очилди.
Лекин бу янгилик аҳолини хурсанд қилиш билан бирга унинг баҳайбат ва ғайриоддий кўриниши дарров америкаликларнинг танқидига ҳам сабаб бўлди. Фуқаролар ҳукуматни ортиқча харажат қилишда, ғалати архитектура танлашда ва режалаштирилганидек, қурилишга беш йил эмас, ўн икки йил – ўта узоқ сарфлаганликда айбламоқдалар, деб хабар беради ТАСС.
Ушбу метро бекати қад кўтариши учун – лойиҳа аввалида кўзда тутилганидан деярли икки баробар кўп – 4 миллиард доллар сарфланганини Forbes журнали жаҳон бўйича бундай тузилмалар учун рекорд даражадаги сумма, деб эътироф этди.
Шиша ва бетондан қурилган бу ҳашамат архитектори испаниялик рассом-футурист - Сантьяго Калатрава. У иншоотнинг том қисмини улкан оқ қушнинг қанотларига ўхшатмоқчи бўлган. Нью-йоркликлар эса уни фантастик жонзот скелетига қиёслашди.
Янги транспорт бекати метрополитеннинг 11 та тармоғини бир-бири билан боғлайди ва бир кунда ўртача 250 минг нафар одамга хизмат кўрсатади. Шаҳар ҳокимиятининг режаси бўйича, бу станция Американинг энг қулай ва хавфсиз бекатлардан бирига айланади ва Манхэттеннинг энг кўзга кўринган диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб қолади.