Жаҳон | 21:14 / 04.03.2016
5298
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик аёл ўз фарзандини кунига 16 соатдан, дам олишсиз ўқишга мажбур қилмоқда

Хитойнинг марказий қисмида жойлашган Чунцин шаҳрида 9 ёшли боланинг онаси ўз фарзандини кунига 16 соатдан ўқишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар бермоқда.

Бола мактабдан қайтаётган пайтда ҳам уй ишини бажариб кетади, дарсдан ташқари вақтда ҳаттотлик, сузиш ва математика билан шуғулланади. Бола буларнинг барчасига улгуриш учун ҳар куни эрталаб соат 5 да уйғонади ва соат 6 дан қўшимча машғулотларни бошлайди. Болага фақатгина кечки соат 22 да дарс қилишни тўхтатишга рухсат берилади, шундай кейин бола уйқуга кетади.

Боланинг онаси бундай тарбия усулини ўз отасидан мерос қилиб олгани, унинг отаси ҳам уни ёшлигида худди шундай усулда тарбиялаганини таъкидламоқда.  "Агар ўғлим келажакда ўзига енгил ҳаётни таъминламоқчи бўлса, унда ҳозирданоқ тинмай меҳнат қилиши керак", деб айтди аёл.

Онанинг айтишича, ўғлининг жадвалидаги ҳар банд унинг ривожланиши учун қаратилган. Аёлнинг айтишича, ўғлининг пианинода чалишни ўрганиши унда артистикликни ривожлантиришга ва ўзига севикли ёр топишида ёрдам беради. Математика бўйича машғулотлар эса уни мулоҳазали ва мантиқан фикр юритишга ўргатади. Аёл ўғлига нисбатан қаттиққўллик қилмаётгани, балки бундай тарбия фарзандига фақатгина "фойда бўлаётганини" айтмоқда.