Япония полицияси якудза иштирокидаги воқеалардан кейин назоратни кучайтирди
Япония полицияси бир ҳафта ичида якудза мафиоз гуруҳлари билан боғлиқ бир нечта кўнгилсиз воқеа юз бергани сабабли юқори тайёргарлик ҳолатига келтирилди. 4 мартда NHK телеканалининг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартибот муассасалари бир қатор префектураларда, жумладан Канагаву, Нагано, Сайтаму, Сидзуоку ва Токиода патруллар сонини оширган.
Кучайтирилган хавфсизлик чораларининг киритилиши 25 февралдан 3 мартгача Японияда бир-бирига адоватда бўлган "Ямагути-гуми" ва ундан ажраб чиққан "Кобэ Ямагути-гуми" мафиоз гуруҳлари ўртасидаги қарама-қаршилик билан боғлиқ содир этилган 9 та ҳолат билан боғланган. Бир неча воқеаларда бир гуруҳ мафиозлари машиналарда рақиб гуруҳ аъзоларининг уйлари эшикларига бориб урилган ёки уларни ўққа тутган.
Бу ҳолат бир қатор ҳудудларда полициячилар болаларни мактабгача кузатиб қўйишига олиб келди.
Япония полиция бошқармасида маълум қилинишича, Япониядаги энг йирик мафиоз гуруҳи "Ямагути-гуми"нинг аъзолари сони ўтган йил давомида 10 мингга қисқариб, 14,1 минг жангчини ташкил қилган. Бу биринчи навбатда гуруҳ ичидаги ихтилоф билан боғланган. Бунинг натижасида янги "Кобэ Ямагути-гуми" гуруҳи ташкил топди. Янги гуруҳ аъзоларининг сони 6 мингга яқинни ташкил қилди ва мамлакатдаги қудратлиги бўйича 3-рақамли тўдага айланди.
"Ямагути-гуми" гуруҳига ўнлаб майда тўдалар киради. 1980 йилда ҳам гуруҳ ичида ихтилоф юз берганди. Ўшанда бу ўлимлар ва жароҳат олишлар билан якунланган деярли 300 та кўнгилсиз воқеанинг содир бўлишига олиб келган.