“Маҳалла маликаси” аниқланди
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, “Камолот” ЁИҲ БТ, хотин-қизлар Қўмитаси ҳамда “Маҳалла” телеканали ҳамкорликда институт маданият саройида 8 март—Халқаро хотин-қизлар байрами, шунингдек, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”га бағишланган “Маҳалламиз маликаси” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзи, болалар тарбияси, орасталик ва оилада ўзаро ҳурмат, муҳаббат, талаба-қизларни оилага тайёрлаш ва улар ўртасида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини тараннум қилиш, ўзаро маданий-маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган етти нафар гўзал истеъдод соҳибалари эришган ютуқлари, спорт соҳаси, пазандалик сирлари, куй ва қўшиқлар ва саҳна кўринишларидан иборат шартлар бўйича беллашиб, ўз иқтидорларини намоён этдилар.
Кескин ва муросасиз, ўз ўрнида томошабинларга баҳорий кайфият улашган беллашувнинг энг зукко ва доно иштирокчиси Сарвиноз Рўзметова “Маҳалла маликаси”га муносиб деб топилди.
Барча иштирокчилар институт раҳбарияти ва “Камолот”ЁИҲ бошланғич ташкилоти томонидан қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланди.