“Туркистон” саройида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди
5 март куни «Туркистон» саройида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар, табаррук онахонлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова Ўзбекистонда хотин-қизларни эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самаралари ҳақида сўзлади.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов қарорига мувофиқ адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган алоҳида ютуқлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 14 нафар қизга ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Сарой фойесида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Бадиий академия, «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорлигида тасвирий санъат ва миллий ҳунармандлик йўналишларида истеъдодини намоён этаётган хотин-қизлар ижодига бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди.
Манба:ЎзА