Эронда 12 ой ичида 525 тонна гиёҳванд модда мусодара қилинди
Эрон аксилнаркотик полицияси охирги 12 ой ичида 525 тонна гиёҳванд модда мусодара қилди. Бу рақамларни 4 мартда Эрон хавфсизлик хизматининг ихтисослаштирилган бўлинмаси бошлиғи, генерал Али Мўйедий матбуот-анжуманида келтириб ўтди.
"Жорий эрон йилида (21 мартда якунланади) бутун мамлакат бўйлаб 525 тонна, яъни ўтган йилга нисбатан 14 фоиз кўпроқ гиёҳванд модда мусодара қилинган", деб Мўйедийнинг сўзларини келтирмоқда Тасним агентлиги.
Мусодара қилинган гиёҳванд моддалардан 400 тоннасини опиум, 75 тоннасини гашиш, қолганини эса героин ва морфин ташкил қилган. Шу билан бирга Эрон ҳудуди орқали гиёҳванд модда олиб ўтган бир неча жиноий тўда бартараф қилинган, операциялар давомида 61 гиёҳвандфуруш ўлдирилган.
Мўйедийнинг айтишича, операциялар асосан Эроннинг шарқий чегараларида ўтказилган. "Аниқланишича, Афғонистон ва Покистон билан чегарадош бўлган Систон ва Белужистон вилоятлари орқали наркотрафик бир йил ичида 100 фоизга ошган", деб қўшимча қилди генерал.