Ўзбекистон | 19:55 / 05.03.2016
10626
2 дақиқада ўқилади

Ислом Каримов: Соғлом она ва бола йили Давлат дастури доирасида 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 8 март – Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан йўллаган байрам табригида жамиятдаги хотин-қизларнинг роли, мамлакат тараққиётида тутган ўрни ва уларнинг қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

“Мен жойларда бўлиб, мана шундай ўзининг қадр-қимматини, ҳаётнинг пасту баландини яхши биладиган, келажакка катта ишонч билан қараб, сидқидилдан меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз билан учрашиб, суҳбат қурганда, очиғини айтишим керак, ўзим учун катта таассурот, маънавий-руҳий қувват оламан”, дейди мамлакат раҳбари.

Айниқса, мамлакат раҳбари аёлларнинг кичик бизнес соҳасидаги фаолликларини алоҳида эътироф этган: “Ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги кичик бизнес субъектларининг 120 мингдан зиёдини, фермер хўжаликларининг 4 минг 550 дан ортиғини хотин-қизлар самарали бошқариб, барчага ўрнак ва намуна бўлиб келмоқда”.

Шунингдек, табрикда табриркор аёлларга 2015 йилда 1 триллион 255 миллиард сўмни имтиёзли кредитлар ажратилгани, касб-ҳунар коллежларини битирган 230 мингдан кўпроқ қиз болалар ишга жойлаштирилгани, тадбиркорлик соҳасида ўз ишини бошлаётган 6 мингдан ортиқ ёш қизларга 51 миллиард сўмдан зиёд кредитлар ажратилгани ҳақида маълумотлар келтирилган.

2016 йилги “Соғлом она ва бола йили” ҳақида гапирар экан, “Мамлакатимизда 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши аввало ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади. Ушбу дастур доирасида жами 7 триллион 483 миллиард 300 миллион сўм ва 194 миллион 400 минг доллар ҳажмидаги ишларни амалга ошириш белгиланганининг ўзи, ўйлайманки, унинг миқёси ва кўлами қандай улкан эканидан далолат беради”, дея таъкидлаган Президент Ислом Каримов.