Номаълум шахслар Киевдаги Россия элчихонасига ҳужум уюштиришди
6 март кунига ўтар кечаси номаълум шахслар гуруҳи Россиянинг Киев шаҳридаги элчихонасига ҳужум уюштиришган. Бу ҳақда Украина Миллий полициясига асосланиб, ТАСС агентлиги хабар тарқатган.
"Полицияининг навбатчи гуруҳига элчихонага ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар келиб тушган. Қўриқчиларнинг сўзларига кўра, элчихона биносига 10 чоғли киши кириб келган. Улар қора кийимларда бўлишган ва қўлларида машъалалар тутишган", дейилади хабарда.
Улар ҳудуддаги автомобилларга зарар келтиришган ва болғалар воситасида ойналарни синдиришган.
Украина Олий радаси халқ депутати Игорь Луценконинг ўз фейсбукида ёзишича, ҳужум қилувчилар бу орқали асирликдаги украиналик учувчи Надежда Савченкони қўллаб-қувватлашган.
Бундан олдинроқ, Киев шаҳри марказидаги Майдан майдонида Савченкони қўллаб-қувватлаш мақсадид намойиш бошлангани ҳақида хабар берилганди.