Жаҳон | 19:26 / 06.03.2016
4881
1 дақиқада ўқилади

Россия Украина ТИВга норозилик нотасини юборди

Россиянинг Украинадаги элчихонаси Украина ташқи ишлар вазирлигига элчихона биноси олдига қўйилган элчихона автомобилларига ҳужум қилингани туфайли норозилик нотаси юборди. Бу ҳақда Россия элчихонасининг матбуот котиби Олег Гришин маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

"6 мартга ўтар кечаси камуфляж ва ёпинчиқли кийимлардаги, бейсбол биталари билан қуролланган номаълум шахслар гуруҳи Россиянинг Киевдаги элчихонаси олдига қўйилган автомобилларга ҳужум қилган", деб айтди Гришин.

Гришиннинг айтишича, бунинг оқибатида элчихонанинг 3та автомобили жиддий зарарланган. "Бундан ташқари, босқинчилар элчихона ҳудудига тутун шашкалари, машъалалар улоқтирган. Ушбу воқеа юзасидан элчихона Украина ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотасини юборди", деб таъкидлаб ўтди Гришин.

Унинг айтишича, "кўринишича, бу ҳужум пухталик билан тайёрланган ва ташкил этилган".