Жаҳон | 20:56 / 06.03.2016
4900
1 дақиқада ўқилади

Россиянинг Киевдаги элчихонаси панжарасига Украина байроқлари ўрнатилди

Киевда Россияга қарши чиқаётган намойишчилар Россиянинг элчихонаси панжарасидаги Россия байроғини йиртиб ташлаб, ўрнига Украина байроғини ўрнатишди. Тажовузкор кайфиятдаги намойишчилар элчихона дарвозасидаги қулфни бузишга ҳаракат қилган. Бу ҳақда Украина ОАВлари хабар бермоқда.

Аввалроқ Россия элчихонасига тухум ва тошлар улоқтирилган эди. Украиналик ҳарбий Надежда Савченконинг озод этилиши акцияси иштирокчилари элчихона биносидаги ойналарни синдиришган ва видеокамераларга шикаст етказишган. Бир неча киши тўсиқдан ошиб тушиб, элчихона биноси ичига бостириб кирмоқчи бўлган. Бироқ уларни қўриқчилар тўхтатиб, ташқарига олиб чиқиб ташлашган.

Надежда Савченко Россияда журналистлар Игорь Корнелюк ва Антон Волошиннинг 2014 йилда Донбассдаги қотиллигига алоқадорликда айбланмоқда. Ҳарбий аёл 23 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Ҳозирда маҳбус норозилик сифатида очарчилик эълон қилган.