Манба: 200 нафарга яқин жангари ИШИДга исён кўтарган Раққа аҳолиси томонга ўтди
Суриянинг Раққа вилоятида ИШИДга қарши қўзғолон кўтарган аҳоли вакиллари сафига жангарилар ичидан қочиб келган 200 нафар атрофидаги ёлланма жангарилар келиб қўшилган. Бу ҳақда ўз манбасига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.
Бундан олдинроқ, исён натижасида ИШИДнинг Суриядаги маркази ҳисобланадиган Раққа шаҳрининг бир қатор туманларидан жангарилар сиқиб чиқарилиб, ҳукумат байроқлари осилгани маълум бўлганди.
Sputnik нашрининг манбаси хабарига кўра, Раққа аҳолиси тўқнашувлар давомида жангариларни яна 5та тумандан сиқиб чиқариб, туман марказларига Сурия байроқларини ўрнатишган. Маълум қилинишича, исёнчилар Сурия қўшинлари билан алоқада бўлиб турибди.
Шаҳар аҳолиси 6 мартга ўтар кечаси намойишга чиқишганди. Шундан сўнг исён бошланиб, қуролли тўқнашувлар натижасида ИШИДнинг кўплаб жангарилари ўлдирилган.
Фрот дарёси ёқасида жойлашган бу шаҳар ИШИД ва «Жибҳат ан-Нусра» гуруҳлари томонидан 2013 йил мартида назорат остига олинган эди. Шундан бери Сурия ҳукумати бу шаҳарни қайтариб олиш учун ҳаводан ва қуруқликдан бир неча марта кенг кўламли ҳужумлар амалга оширган, лекин мақсадга эриша олмаган.
Шу билан бир вақтда Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрини ИШИДдан озод этиш учун курдлар ёрдамида ҳаракатлар олиб борилмоқда.
6 март куни курд аскарлари Тел-Абьяд шаҳрини ИШИД назоратидан озод қилган. Бу шаҳар учун жангда 43 нафар курд аскари ҳалок бўлган, ИШИДнинг йўқотиши эса 140 нафар бўлган.
Бундан олдинроқ, ИШИД назорати остидаги Дайр-аз-Зор шаҳридан 80 нафар ёлланма жангари қочиб кетгани хабар қилинганди.