Ўзбекистон | 18:31 / 07.03.2016
3030
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2016 йилда 14,5 млн долларлик фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилмоқчи

Ўзбекистондаги фармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхоналар 2016 йилда иш ҳажмини ошириб, 14,5 млн долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштиришган. Бу ҳақда "Ўзфармсаноат"даги манбасига асосланган ҳолда Sputnik агентлиги хабар тарқатган.

2015 йилда соҳа экспорти ҳажми 11,2 млн долларни ташкил қилди. Экспорт ҳажмини янги дори турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш эвазига оширилиши режалаштирилган. Дориларнинг асосий қисми маҳаллий ўсимликлар асосида ишлаб чиқарилмоқда.

“Биз ҳозир ишлаб чиқараётган дорилар рўйхатида 230 хил инъекция суюқликлари, 45 турдаги инфузия суюқликлари, 75 хил антибиотиклар, 3 турдаги вакцина ва зардоблар, 528 хил таблетка ва капсулалар, 307 хил маз ва бошқа дорилар бор”, — дейди концерн вакили.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 7,7 минг дори рўйхатдан ўтказилган. Улардан 1,7 минги Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва қолган 6 минги чет элда ишлаб чиқариладиган дорилардир.

2016 йилда Ўзбекистонда фармакология соҳасида умумий қиймати 120 млн доллар бўлган 19та янги лойиҳа ишга тушади. Халқаро сифат сертификатлари босқичма-босқич олиниши режалаштирилган.

Янги дорилар ишлаб чиқаришнинг зарурий асосларидан бири замонавий GMP халқари сифат сертификатлари киритиш ҳисобланади. Бунинг эвазига ўзбек фармокология маҳсулотларига дунё бозорларига осонгина йўл очилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда GMP стандартида ишловчи 30 корхона рўйхатдан ўтган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини МДҲ мамлакатларида, Эстония, Латвия, Литва, Польша, Германия, Жанубий Корея, Хитой ва Ҳиндистон бозорларида учратиш мумкин.