Арсен Венгер: «Агар мен муносиб бўлмаганимда, «Арсенал» раҳбарияти мени 19 йил ушлаб турмас эди»
«Арсенал» жамоаси бош мураббийи Арсен Венгер ўз манзилига йўлланган танқидларга яна бир бор жавоб қайтарди.
«Мен бу ерда 19 йилдан буён ишламоқдаман ва менга ҳамиша камералар қаршисида туриб, бу жойда бўлишим тўғрилигини такрорлашга ва ўзимни оқлашга тўғри келган.
Менда бу борада умуман муаммо йўқ. Мен ўзим бу жамоага муносиб эканимни қайтаравераман. Лекин бу зерикарли ҳам. Мен ҳамиша ўзимнинг яхши эканимни исботлашга уринишим керак бўлмоқда. Мен 35 йиллик фаолиятим давомида фақат юқори савияда ишлаганман.
19 йил бу жамоада ишлаганингдан кейин ҳам мендан бу жамоада ишлашга лойиқлигим ёки лойиқ эмаслигим ҳақида сўрашади. Бундай саволлар зериктирди. Ахир лойиқ бўлмаганимда, раҳбарият буни менга айтган бўларди.
Мен ҳамиша ўз устимда ишлайман, ҳар бир хатоимни кўриб чиқаман ва уни тўғрилашга ҳаракат қиламан. Ўйламайманки, раҳбарият 19 йилдан бери мени бу лавозимда менга ишонмаган ҳолда ушлаб турибди. Ёки сиз ўзингизни улардан ақллироқ деб ҳисоблайсизми?» — дейди Венгер.
Эслатиб ўтамиз, «Арсенал» бугун «Халл Сити» жамоасига қарши Англия Кубоги доирасидаги ўйинда майдонга тушади.