Спорт | 12:58 / 08.03.2016
4562
2 дақиқада ўқилади

Ҳомийлар допинг можаросидан кейин Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўхтатишмоқда

Nike компанияси россиялик теннисчи Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўхтатди. Бунга теннисчи билан боғлиқ допинг можаро сабаб бўлди, деб хабар бермоқда компания вакилларига иқтибос келтирган ҳолда Франс Пресс ахборот агентлиги.

"Биз Мария Шарапова ҳақидаги янгиликлардан ранжидик ва таажжубландик. Биз Мария билан муносабатларимизни тафтиш пайтида тўхтатишга қарор қилдик. Биз вазиятни кузатишда давом этамиз", деб айтилди компания баёнотида.

7 март куни Мария Шарапова допинг истеъмол қилганини тан олди. Гап мельдоний воситаси ҳақида кетмоқда. 2016 йил 1 январдан бу восита тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган.

Россия теннис федерацияси президенти Шамиль Тарпишев бу вазият учун жавобгарликни Шарапова билан ишлаган тиббий ходимлар зиммасига юклади.

Теннисчи 12 мартдан мусобақалардан вақтинчалик четлатилади. Ҳозирча ушбу ҳолат бўйича якуний қарор чиқарилмади.

Шарапова Nike билан шартномасидан ҳар йили 22 млн доллардан кўпроқ фойда олган.

Бир вақтлар биринчи рақамли теннисчи бўлган Шарапова айни вақтда дунё теннисчилар рейтингида 7-ўринни эгаллаб турибди. У Катта дубулға мусобақаларининг 5 карра ғолиби, Лондон Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби ҳисобланади.