Жаҳон | 08:53 / 08.03.2016
2814
2 дақиқада ўқилади

Майкл Блумберг АҚШ президентлиги пойгасидан чиқиб кетди

Миллиардер Майкл Блумберг АҚШ президенти лавозимига курашмаслигини эълон қилди. Bloоmberg View сайтида у ўзининг бу қарорини тушунтириб берди. Нью-Йоркнинг собиқ мэрининг фикрича, унинг номзодининг қўйилиши Дональд Трамп ёки Тед Крузнинг ғалабасига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Блумберг баъзи маълумотлар билан танишиб чиққач, агар у президентлик пойгасига қўшилса, унда ғалаба қилишга имкон йўқлигини англаган.

Миллиардер ҳозирда Конгресснинг иккала палатаси ҳам республикачилар томонидан назорат қилинаётганини эслатиб ўтди. Блумберг номзодининг қўйилиши "АҚШ президенти лавозимига Дональд Трамп ёки Тед Крузнинг сайланиши" имкониятини оширади.

Блумбергнинг фикрича, Трамп "зиддиятли ва сафсатабоз кампания" олиб бормоқда. Крузнинг АҚШга диний мансубликка кўра муҳожирларнинг киритилишига тақиқлов киритиш ғояси эса миллатнинг бирлашишига кўмак бермайди.

Блумберг дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида 8-ўринни эгалламоқда. Унинг бойлиги 41,7 млрд долларга баҳоланмоқда.