Украина терма жамоаси ҳужумчиси мамлакатда футбол ўлиб бораётганини айтди
Украина терма жамоасига номзод футболчи, Днепропетровскнинг "Днепр" жамоаси ҳужумчиси Роман Зозуля "Футбол Арена" нашрига берган интервьюсида мамлакатда спортга эътибор жуда паст даражада экани ҳақида айтиб ўтди.
У Украинада спорт аста-секинлик билан ўлаётгани ҳақида айтган. "Нафақат регби, буни айтиш оғир, ҳатто футбол ҳам кўз ўнгимизда ўлиб бормоқда", дейди Зозуля.
У ўзининг Днепропетровскдаги регби жамоасига моддий ёрдам кўрсатганини изоҳлар экан, номи сир сақланган бу жамоадаги дўстлари 5 йилдан буён ҳомийсиз қийин аҳволда қолаётганини айтиб ўтган.
2 март куни Украина Футбол федерацияси ижроий қўмитаси раҳбари Артем Франков УЕФА "Днепр"ни 1 йилга халқаро турнирлардан четлатгани ҳақида маълум қилди. Бунинг сабаби сифатида жамоа собиқ бош мураббий Хуанде Рамос ҳамда унинг ёрдамчисидан бўлган қарзларини тўламагани келтирилган. УЕФА бу маълумотга расман муносабат билдирмаган.