2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастури қабул қилинди
Ўзбекистон ҳукумати 2016-2020 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини тасдиқлади (pdf).
Дастур хизматлар соҳаси фаолиятини балансли ривожлантириш ва диверсификациялашни таъминлаш, улар кўрсатадиган хизматларнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Дастурга кўра, хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш, унинг республика иқтисодиётидаги улушини 2016 йилда 48,7 фоизга ошириш (2015 йилда 47,5 фоиз) кўзда тутилган. Ҳукумат прогнозларига кўра, хизматлар соҳаси ҳар йили 11-13 фоизлик ўсишни қайд этиши кўзда тутилган.
Дастурда 2020 йилга бориб қишлоқ жойларда хизматларни 1,8 фоизга ўстириш белгиланган. Шунингдек, ҳукумат 2020 йилга бориб алоқа ва ахборотлаштиришнинг республика иқтисодиётидаги улушини 2,5 фоизга етказишни режалаштирган.
Шунингдек, дастур муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, тармоқларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига хизматлар соҳасини, таркибий ўзгартиришларни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, рақобат муҳитини шакллантириш, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадларига йўналтирилган.
Дастурга кўра, Ўзбекистондаги банклар хизмат соҳасидаги корхоналарни 2016 йилда 1,797 трлн сўм миқдорида молиялаштиради. 2020 йилга бориб эса бу кўрсаткич 2,631 трлн сўмга етади.