Бэйл жароҳатдан қочиш учун гетраларида тешиклар ҳосил қилди
"Реал" жамоаси ҳужумчиси Гарет Бэйл гетраларини йиртган ҳолда машғулотларда ва ўйинларда иштирок этишни бошлади. Твиттерга жойлаштирилган Гаретнинг оёқлари суратида унинг гетраларида тешиклар ҳосил қилинганини кўриш мумкин.
Ўз навбатида бу ҳеч қандай ирим-сиримлар билан алоқадор эмаслиги айтилган.
Аниқлик киритилишича, уэльслик бу футболчи гетраларида тешик ҳосил қилиш орқали оёқ мушакларига босим тушиши камайишига эришмоқчи. Қайд этиш керакки, у асосан оёқларининг шу қисмини шикастлаб олади.
AS нашрининг ёзишича, шифокорлар футболчи бу янгиликни қўллаш орқали ўзига руҳан далда бериши ҳам мумкин.
"Бэйл ўйнашга тайёр. Бу энг муҳими. Қандай гетрада ўйнаш эса унинг шахсий иши", дея кулиб бу хабарга муносабат билдирган "Реал" жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан.